Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев 10 сентябрь куни Литванинг халқаро транспорт компанияси TVG Group директори Альбертас Ситавичюс билан учрашув ўтказди.
Музокаралар уюшган меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш ва унинг йўналишларини диверсификация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида бўлиб ўтди.
Томонлар Ўзбекистон фуқароларини Литвада уюшган тарзда ишга жойлаштириш кўламини кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди. Юк ташувчи оғир автотранспорт воситалари учун малакали ҳайдовчиларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари, шунингдек, ноқонуний миграциянинг олдини олишга қаратилган қўшма чора-тадбирларни кўриб чиқди.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда келишилган йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканини билдирди.