Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Ростов вилоятида Ўзбекистон билан ҳамкорлик муҳокама қилинди

Дилафруз Ниязова · 04.09.2026 · 13:40 · 53 views
Ростов вилоятида Ўзбекистон билан ҳамкорлик муҳокама қилинди
Ростов вилоятида Ўзбекистон билан ҳамкорлик муҳокама қилинди / Фото: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ростов вилоятида Ўзбекистон билан ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, меҳнат мобиллиги ва Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган учрашувлар бўлиб ўтди.

Ишчи ташриф доирасида Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар билан учрашув ўтказилди.

Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, шунингдек, Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни янада мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат мобиллиги ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунлари бўйича Россия Ички ишлар вазирлигининг Ростов вилояти бўйича Бош бошқармаси раҳбарияти иштирокида алоҳида ишчи йиғилиш ўтказишга келишиб олинди. Унда Ўзбекистон фуқаролари томонидан меҳнат патентларини олиш тартибини соддалаштириш билан боғлиқ масалаларни ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Шунингдек, томонлар Ростов вилояти делегациясининг 2027 йил март ойида Ўзбекистонга ташрифини тайёрлаш масаласини муҳокама қилди. Россия томони делегация таркибига вилоятдаги қатор саноат корхоналари вакилларини киритишдан манфаатдор эканини билдирди. Бу тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ишлаб чиқиш имконини беради.

Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари Ростов вилоятидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Алексей Харковский билан учрашувда кўриб чиқилди. Томонлар Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилаётган корхона ва объектларга Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил аппаратининг бириктирилган вакили иштирокида биргаликда ташрифлар уюштиришга келишиб олди.

Бундан ташқари, «ССК АВАКОН» МЧЖда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув бўлиб ўтди. Корхонада қарийб 100 нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда. Асосий эътибор консуллик-ҳуқуқий ҳимоя, ходимларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилиши, шунингдек, миграция ва меҳнат қонунчилиги масалаларига қаратилди.

Фуқароларга зарур тушунтиришлар ва амалий тавсиялар берилди.

Ўтказилган учрашувлар якунлари бўйича томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, уюшган меҳнат мобиллиги механизмларини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини изчил ҳимоя қилиш бўйича амалий ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлади.