Ўзбекистон

Наманганда 1,1 млрд сўмлик олтинни олиб чиқишга уриниш тўхтатилди

Наманганда 1,1 млрд сўмлик олтинни олиб чиқишга уриниш тўхтатилди
Наманганда 1,1 млрд сўмлик олтинни олиб чиқишга уриниш тўхтатилди / Фото: Божхона қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган аэропортида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда қимматбаҳо металларни Ҳиндистонга ноқонуний олиб чиқишга бўлган уринишнинг олдини олди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Тезкор тадбир давомида Андижон ва Фарғона вилоятларида яшовчи беш нафар фуқаро махсус кўрикдан ўтказилди. Улар «Наманган — Деҳли» йўналишидаги рейс билан Деҳлига учиб кетишни режалаштирган.

ДХХ маълумотига кўра, йўловчилар мамлакат ҳудудидан умумий оғирлиги 555 грамм бўлган олтин қуймалари ва 200 грамм заргарлик буюмларини олиб чиқишга уринган. Идора таъкидлашича, қимматбаҳо металларни яшириш учун йўловчиларнинг ички аъзоларидан «тирик контейнер» сифатида фойдаланилган.

Олиб қўйилган қимматбаҳо металларнинг дастлабки умумий қиймати 1,1 млрд сўмга баҳоланмоқда.

Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.