Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Shanghai Construction Group (SCG) компаниясининг Марказий Осиё бўйича бош директор ўринбосари Лу Вэйси билан учрашди. Томонлар йўл қурилиши, транспорт инфратузилмаси ва қурилиш соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Учрашув давомида ҳудуднинг йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, замонавий технологияларни жорий этиш ва хорижий тажрибадан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар замонавий ёндашувлар асосида йўл соҳасида йирик лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
Shanghai Construction Group йирик халқаро қурилиш компанияларидан бири бўлиб, қурилиш ва муҳандислик, инфратузилма ҳамда шаҳарсозлик соҳаларида иш тажрибасига эга.
Учрашувда таъкидланганидек, Наманган вилояти транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, автомобиль йўлларининг сифати ва ўтказувчанлик қобилиятини оширишга қаратилган лойиҳалар ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Музокаралар якунида истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш, инвестиция имкониятларини ўрганиш ва ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш бўйича келишувга эришилди.