Ўзбекистон

Тошкентда Марказий Осиё таълими бўйича халқаро форум очилди

Тошкентда Марказий Осиё таълими бўйича халқаро форум очилди
Тошкентда Марказий Осиё таълими бўйича халқаро форум очилди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 28 октябрь куни Тошкентда Марказий Осиё халқаро таълим форуми очилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокчиларга йўллаган мурожаатида минтақа мамлакатлари университетлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ва илмий тадқиқотлар сонини кўпайтириш, талабалар ҳамда олимлар алмашинувини қўллаб-қувватлашга чақирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

«Бу соҳадаги стратегик мақсадимиз — Марказий Осиёни ўзаро ишонч ва дўстлик маконига, илм-фан ва маърифат, юқори технологиялар ва инновацияларни бирлаштирадиган ягона интеллектуал ҳудудга айлантириш», — дейилади мурожаатда.

Президентнинг таъкидлашича, глобал муаммоларни якка ҳолда ҳал этиш қийин. Сув ресурслари ва энергетика соҳаларидаги хавфсизлик, иқлим ўзгариши ҳамда меҳнат бозоридаги технологик ўзгаришлар минтақа мамлакатларининг билим ва имкониятларини бирлаштиришни талаб этади.

Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки прогнозини келтириб, унга кўра, 2026 йилда Марказий Осиё иқтисодиёти 5,8 фоизга ўсишини қайд этди. Қарийб 85 миллион аҳолига эга минтақа учун энг катта бойлик ёш авлод эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу демографик салоҳиятни интеллектуал кучга айлантиришнинг энг самарали йўли — замонавий ва сифатли таълимдир.

Мирзиёев яқинда қабул қилинган фармон билан Ўзбекистонда мактабгача ва мактаб таълими, профессионал ва олий таълим, шунингдек, илм-фанни бошқариш ягона тизимга бирлаштирилганини эслатди. Бу бошланғич билимларни эгаллашдан тортиб, мутахассис ва олим бўлиб етишишгача бўлган барча босқичлар ўртасидаги узвийликни таъминлаши керак.

Президентнинг қайд этишича, келгуси ўн йилда кўплаб касбларга бўлган муносабат ўзгаради ва мутлақо янги мутахассисликлар пайдо бўлади. Шу боис таълим тизими ёшларда мустақил фикрлаш, ижодий қобилият, масъулият ва бутун умр давомида ўрганиш кўникмаларини ривожлантириши зарур.

Устувор вазифалар сифатида ўқитувчиларнинг ролини ошириш, таълим мазмунини янгилаш, талаб юқори бўлган касбларга йўналтириш ҳамда мактаблар, техникумлар, университетлар ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш белгиланди.

Мурожаатда қизлар, қишлоқ ва олис ҳудудлардаги болалар, шунингдек, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга ёшлар учун имкониятларни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президент буни адолатли ва инклюзив жамият барпо этишнинг муҳим шарти деб атади.

У, шунингдек, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва замонавий муҳандислик йўналишларини ривожлантириш, университетларни илмий ишланмалар марказларига айлантириш ҳамда ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш вазифаларини ҳам тилга олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.