Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентдаги Фарғона шоссесида «Яшил тўлқин» режими ишга туширилиб, йўлнинг 6 километрлик қисмидаги 13 та светофор объекти иши синхронлаштирилди. Тизим сутка давомида узлуксиз ишлайди.
«Яшил тўлқин» Қўйлиқ кўпригидан кейин жойлашган «Қўйлиқ ота» мақбарасидан УзБУМгача бўлган йўл қисмида созланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар берди.
Марказ маълумотларига кўра, ўтказилган ўлчовлар тирбандлик юқори бўлмаган вақтларда мазкур йўл қисмидан ўтиш вақти қисқарганини кўрсатди.
Агар илгари ушбу йўлдан ўтиш тахминан 12–13 дақиқа вақт олган бўлса, светофорлар созланганидан сўнг бу кўрсаткич тахминан 9 дақиқани ташкил этмоқда. Шу тариқа, йўлда ҳаракатланиш вақти тахминан 25 фоизга қисқарди.
«Яшил тўлқин» тизими барча чорраҳаларда доимий яшил чироқ ёниб туришини англатмайди. Светофорлар шундай синхрон ишлайдики, ҳисобланган тезликда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар имкон қадар кўпроқ чорраҳалардан яшил чироқда ўтиши мумкин бўлади.
Тизимнинг асосий вазифаси қизил чироқда тўхташлар сонини камайтириш, транспорт оқимини бир маромга келтириш ва йўлда ҳаракатланиш вақтини қисқартиришдан иборат.
Фарғона шоссеси Тошкентга олиб кирувчи асосий транспорт йўналишларидан бири ҳисобланади. Қўйлиқ йўналиши орқали пойтахтга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан катта миқдорда автомобиллар оқими киради, шундан сўнг транспорт шаҳарнинг марказий туманлари томон тақсимланади.
Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази мутахассислари мазкур йўл қисмидаги вазиятни сутка давомида кузатишни давом эттирмоқда.
Зарур ҳолларда светофорларнинг ишлаш режимлари қўшимча равишда тузатилади.