Иқтисод

Ўзбекистон Иордания компанияларига фармбозорини тақдим этди

Ўзбекистон Иордания компанияларига фармбозорини тақдим этди
Ўзбекистон Иордания компанияларига фармбозорини тақдим этди / Фото: Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон 22 ноябрь куни Амманда бўлиб ўтган учрашувда ўз фармацевтика бозорининг имкониятларини Иордания компанияларига тақдим этди. Бу ҳақда Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги хабар берди.

Давра суҳбати Амман Савдо-саноат палатасида (Amman Chamber of Industry) бўлиб ўтди.

Унда Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов, Иордания фармацевтика компаниялари раҳбарлари ҳамда Иордания Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини назорат қилиш бошқармаси (JFDA) раҳбари Рана Обейдат иштирок этди.

Учрашув иштирокчиларига Агентликнинг ташкилий тузилмаси, фаолиятининг асосий йўналишлари ва халқаро ҳамкорлик имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Иордания компаниялари вакиллари Ўзбекистон фармацевтика бозорига кириш шартлари ва мамлакатда бизнесни ташкил этиш масалаларига қизиқиш билдирди. Шунингдек, улар экспорт ва импорт тартиб-таомиллари бўйича саволлар берди.

Томонлар икки мамлакат фармацевтика компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш имкониятлари ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.