Тошкентда 154 ва 184-автобус йўналишларидаги узилишлар изоҳланди
Тошкентда 154 ва 184-автобус йўналишларидаги узилишлар изоҳланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси фуқароларнинг ижтимоий тармоқларда ҳаракат оралиқлари узоқлиги ва автобуслар сиғими етарли эмаслиги бўйича мурожаатларидан сўнг 154-сонли («Бобур» маҳалласи – «Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси») ҳамда 184-сонли («Food City» – «Обихаёт» кўчаси) автобус йўналишлари фаолияти юзасидан изоҳ берди.
Тасдиқланган жадвалга кўра, 154-йўналишда бешта автобус, 184-йўналишда эса SAZ LE 60 Isuzu русумли тўққизта транспорт воситаси хизмат кўрсатиши белгиланган бўлиб, ҳаракат оралиқлари тахминан 20 дақиқани ташкил этади.
Бироқ 16 апрель куни ҳар икки йўналишда бир тадан автобус техник носозлик сабабли қатновга чиқмаган. Бу эса, тирбандлик соатларида, ҳаракат оралиқларининг узайишига олиб келган.
Идорада қайд этилишича, айни пайтда транспорт воситаларининг техник ҳолатини тиклаш ва ҳаракат жадвалини меъёрга келтириш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда.
Шунингдек, «Sokin Makon» турар жой мажмуаси ва унга туташ ҳудудлардан йўловчилар оқими ортиб бораётганини инобатга олиб, 2026 йилда янги автобуслар харид қилиш ҳисобига ушбу йўналишларда транспорт воситалари сонини ошириш ва ҳаракат оралиқларини қисқартириш режалаштирилгани маълум қилинди.
Идора вакиллари юзага келган техник сабабларга кўра юзага келган вақтинчалик ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўради.