Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Навоий вилоятида 778 та йўрға тувалоқ табиат бағрига қўйиб юборилди

UzDaily таҳририяти · 29.07.2026 · 11:40 · 33 views
Навоий вилоятида 778 та йўрға тувалоқ табиат бағрига қўйиб юборилди
Навоий вилоятида 778 та йўрға тувалоқ табиат бағрига қўйиб юборилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Навоий вилоятининг Нурота ва Навбаҳор туманлари чўл ҳудудларида 778 та йўрға тувалоқ қушлари табиатга қўйиб юборилди.

Тадбир Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Экоҳудуд ва овчиликни ривожлантириш департаменти, вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда "Фалсон Hunting Солутионс" МЧЖ ҳамкорлигида амалга оширилди.

Қушлар Бирлашган Араб Амирликларининг ихтисослаштирилган питомнигида парваришланган бўлиб, асосий мақсад йўрға тувалоқ популяциясини тиклаш ва кўпайтириш, биохилма-хилликни асраш ҳамда чўл экотизимининг табиий мувозанатини сақлашдан иборат.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиий муҳитга қўйиб юборилган қушларнинг мослашуви ва кўпайиши келгусида ушбу ноёб тур популяциясининг барқарор ўсишига хизмат қилади.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида таъкидланишича, бундай амалий тадбирлар ёввойи табиатни муҳофаза қилиш, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларни асраш ҳамда уларнинг табиий яшаш муҳитини тиклаш борасида олиб борилаётган изчил ишларнинг муҳим қисми ҳисобланади.