Тошкентда 15 авто иштирокида ЙТҲ: ҳайдовчи шифохонага олинди
Тошкентда 15 авто иштирокида ЙТҲ: ҳайдовчи шифохонага олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда 15 та автомобиль иштирокида оммавий йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, улардан бирининг ҳайдовчиси шифохонага ётқизилди. Ҳодиса сешанба куни соат тахминан 16:25 да «Чимён» савдо-кўнгилочар маркази ҳудудида юз берган.
Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, 73 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Chevrolet Equinox автомобили юқори тезликда светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган машиналар қаторига келиб урилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, зарба таъсирида ҳавога кўтарилиб, сўнг бошқа автомобиллар устига қулаган. Тўқнашув натижасида машиналардан бири йўл четидан чиқиб кетиб, дарахтга урилган.
Ҳодиса гувоҳлари зарарланган автомобил ичида қисилиб қолган ҳайдовчига ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилган. Кейинчалик воқеа жойига қутқарув хизматлари етиб келган.
Автомобиль ҳайдовчиси жароҳатлар билан тиббиёт муассасасига олиб кетилган. Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲга унинг соғлиги тўсатдан ёмонлашиб, бошқарувни йўқотгани сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Ҳозирча бошқа жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.