Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Тошкентда 11 миллион долларлик криптоактивлар ноқонуний айланмасига чек қўйилди

UzDaily таҳририяти · 15.07.2026 · 18:15 · 23 views
Тошкентда 11 миллион долларлик криптоактивлар ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Тошкентда 11 миллион долларлик криптоактивлар ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Хавфсиз ва соғлом юрт» ойлиги доирасида ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қиймати 10 миллион 976 минг АҚШ долларига тенг криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси аниқланди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

Тергов маълумотларига кўра, Самарқанд вилоятида туғилган, Тошкент шаҳрида яшаб келган 20 ёшли шахс жиноий йўл билан олинган пул маблағларини криптоактивларга алмаштириб келган. Тергов версиясига кўра, у шу йўл билан маблағларнинг келиб чиқиш манбасини, уларнинг ҳақиқий эгаларини ҳамда молиявий оқимлар ҳаракатини яширишга уринган.

Гумонланувчининг вақтинчалик яшаш жойи кўздан кечирилганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан 24 та мобил телефон, 20 та банк пластик картаси, ноутбук ва Wi-Fi роутер мусодара қилинди. Ушбу ашёлар иш бўйича ашёвий далил сифатида эътироф этилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг криптоактивлар муомаласи соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи 278-8-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.