Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Тошкент вилоятида синтетик гиёҳванд моддалар партиялари мусодара қилинди

Дилафруз Ниязова · 16.04.2026 · 14:00 · 159 views
Тошкент вилоятида синтетик гиёҳванд моддалар партиялари мусодара қилинди
Тошкент вилоятида синтетик гиёҳванд моддалар партиялари мусодара қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида яшовчи, 1993 й.т., муқаддам судланган, ҳозирда пробация ҳисобида турган шахс ва унинг 1995 й.т. шериги Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида жойлашган дала майдонидаги хуфия жойдан 2 кг 381 гр “Алфа-ПВП” синтетик гиёҳвандлик воситасини олиб, ортга қайтаётган вақтларида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Божхона органлари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Аниқланишича, ушбу синтетик наркотик модда “Телеграм” мессенжеридаги интернет наркодўкон аъзолари томонидан Россия Федерациясидан мамлакатимизга олиб келинган.

Бошқа ҳолатда эса Янгийўл шаҳрида фаолият юритувчи тижорат банкларидан бирининг 2 нафар мутахассиси муқаддам наркокуръерлар Янгийўл туманидаги дала майдонига яшириб кетган 485 гр “Алфа-ПВП” синтетик гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олиб, ўзларининг 1998 й.т. танишини хонадонида сақлаётганликлари аниқланди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида улардан ушбу гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, мазкур шахсларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.