Тошкент ва Рим аграр соҳада қўшма лойиҳаларни ривожлантирмоқчи
Тошкент ва Рим аграр соҳада қўшма лойиҳаларни ривожлантирмоқчи
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Гвидо Де Санктис Тожикистонда ўтаётган ФАОнинг Европа учун 35-минтақавий конференцияси доирасида бўлиб ўтган халқаро музокараларда аграр соҳада икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Томонлар икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати юзасидан фикр алмашиб, уни янада ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди. Музокаралар марказида аграр таълим, илмий тадқиқотлар ва инновациялар соҳасида шерикликни мустаҳкамлаш масалалари турди.
Шунингдек, кадрлар тайёрлаш дастурларининг аҳамияти алоҳида қайд этилди. Жумладан, ўзбекистонлик талабаларни Италия олий таълим муассасаларида ўқитишга қаратилган ташаббуслар муҳокама қилинди. Учрашув иштирокчилари фикрича, бундай таълим лойиҳалари ёш мутахассислар малакасини оширишга ҳамда замонавий агротехнологиялар ва халқаро тажрибаларни Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига тезроқ жорий этишга хизмат қилади.
Томонлар аграр секторда инновацион ечимларни ривожлантириш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини кенгайтириш, сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ҳамкорлик йўналишларини ҳам муҳокама қилди.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш, янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва аграр тармоқдаги шерикликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканини билдирдилар.