Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент делегацияси Иордания ишбилармон доиралари вакиллари билан савдо ҳажмини ошириш ҳамда транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича музокаралар ўтказди.
Бу ҳақда Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик миллий ассоциацияси (O‘zMIHU) хабар берди.
Учрашувлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга давлат ташрифи давомида бўлиб ўтди.
Делегацияга Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев раҳбарлик қилди.
Иштирокчилар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, экспорт қилинадиган маҳсулотлар турларини кенгайтириш ва янги сотув бозорларини ўзлаштириш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар транспорт логистикасига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Жумладан, юк ташишнинг мақбул йўналишларини шакллантириш, транспорт харажатларини қисқартириш ва товарлар етказиб беришнинг самарали механизмларини яратиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида дастлабки келишувларга эришилди. Хабарда таъкидланишича, улар ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва узоқ муддатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.