Ўзбекистон

«Ғишткўприк» пости кунига 100 минг кишини ўтказа олади

«Ғишткўприк» пости кунига 100 минг кишини ўтказа олади
«Ғишткўприк» пости кунига 100 минг кишини ўтказа олади / Фото: Ўзбекистон Божхона қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятида Қозоғистон билан чегарада жойлашган «Ғишткўприк» чегара божхона пости реконструкциядан сўнг фаолиятини бошламоқда. Постнинг бир суткадаги ўтказиш қуввати 31 минг нафардан 100 минг нафаргача, енгил автомобиллар бўйича 750 тадан 3000 тагача, автобуслар бўйича эса 70 тадан 400 тагача ошди. Пост ҳудуди 6 гектардан 9 гектарга кенгайтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитаси хабар берди.

Шундай қилиб, пост аввалгига нисбатан уч баравардан ортиқ одамни, тўрт баравар кўп енгил автомобилни ва қарийб олти баравар кўп автобусни қабул қила олади. Идора маълум қилишича, постни янгилашда фуқароларга хизмат кўрсатиш сифати ва тезлигига, шунингдек, божхона назоратини аниқ ва қулай ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Реконструкциядан кейин нималар ўзгарди?

Йўловчилар ва транспорт воситалари учун инфратузилма тўлиқ янгиланди. Одамлар ўтиши учун мўлжалланган йўлаклар сони тўрттадан саккизтага, енгил автомобилларни кўздан кечириш йўлаклари эса тўрттадан 18 тага етказилди. Аввалги 20 та ўрнига энди 200 та автотураргоҳ жойи мавжуд.

Йўловчилар учун аввалги залдан қарийб икки баравар катта бўлган кенг ва ёруғ зал барпо этилди. Энди чегарадаги барча зарур жараёнлар бир жойнинг ўзида амалга оширилади. Божхона назорати ҳудудида «қизил» ва «яшил» йўлаклар ташкил этилди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида ишлай оладиган тўртта рентген аппарати ўрнатилди.

«Ғишткўприк» мамлакатда Tax Free хизмати жорий этилган ягона автомобиль ўтказиш пунктига айланди. Залларга божхона назоратидан ўтиш қоидалари ва қонунчиликка оид маълумотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида тақдим этилган ахборот киосклари ўрнатилди.

Техник жиҳозланиш

Назорат самарадорлигини ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқаролар учун қулай шароит яратиш мақсадида пост замонавий техникалар билан жиҳозланди. Бу ерда учта инспекцион-кўрик мажмуаси, ўнта рентген аппарати, иккита Body Scanner тана сканери, олтита радиацион портал монитори, 188 та видеокузатув камераси ва бешта видеосервер ишламоқда.

Шунингдек, йўловчилар учун паспорт назорати кабиналари, E-Gate тизими, Face ID камералари ва бошқа замонавий ускуналар ўрнатилди. Енгил автомобиллар ва автобусларнинг ўтишини тезлаштириш, текширув жараёнларини мақбуллаштириш учун Smart Customs Border тизими жорий этилди.

Идора маълумотларига кўра, янги техникалар назорат жараёнида инсон омили таъсирини камайтиради, фуқароларни ортиқча оворагарчиликдан халос этади ва хизмат кўрсатиш сифатини оширади.

Нима учун пост реконструкция қилинди?

Пост 1991 йил 1 ноябрдан буён фаолият юритиб келмоқда ва қарийб 35 йилдан бери Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги асосий ўтказиш пунктларидан бири ҳисобланади. 2024 йилда у орқали 11,5 млн нафар киши ва 291 мингта енгил автомобиль, 2023 йилда эса 9,8 млн нафар киши ва 244 мингта автомобиль ўтган. Бир йилда йўловчилар оқими қарийб 17 фоизга, автомобиллар оқими эса 19 фоизга ошган.

Идора маълумотларига кўра, одамлар ва транспорт оқимининг кўпайиши, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда туристик алоқаларнинг кенгайиши пост инфратузилмасини тўлиқ янгилашни тақозо этган. Реконструкция ва модернизация ишлари 2025 йил февраль ойида Президентнинг 2022 йил 27 апрелдаги ПФ-122-сон фармони доирасида бошланган.

Божхона қўмитасининг Божхона назоратини ташкил этиш ва расмийлаштириш бошқармаси бош инспектори Жамшид Собиров реконструкция ишларини Президентнинг 2025 йил охирида халққа йўллаган мурожаатида белгиланган вазифа — беш йил ичида сайёҳлар сонини 11 миллион нафардан 20 миллион нафарга етказиш мақсади билан ҳам боғлади. Собировнинг сўзларига кўра, янги постда мамлакатнинг бошқа ўтказиш пунктларида мавжуд бўлмаган технологиялар қўлланилган. Бу эса чегарадан ўтиш вақтини қисқартириши кутилмоқда.

Автомобиллар ва автобуслар учун сканер

Мамлакатдаги чегара божхона постлари орасида биринчи марта бу ерда енгил автомобиллар ва автобуслар учун сканерлар ўрнатилди. АҚШда ишлаб чиқарилган Z-портал кўрик мажмуаси соатига 100 та енгил автомобиль ва 50 та автобусни текшириш имкониятига эга.

Божхона ходими Меҳрож Файзуллаев тушунтиришича, сканер транспорт воситалари ичига яширилган ёки йўловчининг божхона декларациясида кўрсатилмаган товарларни аниқлашга ёрдам беради. Сканерлашдан кейин олинган тасвирлар божхона ходимларига юборилади. Улар тасвирларни ўрганиб, автомобилни ўтказиб юборади ёки уни чуқурлаштирилган кўрикка йўналтиради.

Аввал постда бундай ускуна бўлмагани учун божхона ходимлари ҳар бир автомобилни кўздан кечиришган. Энди транспорт воситаларининг 95 фоизи соддалаштирилган тартибда назоратдан ўтказилмоқда. Файзуллаевнинг сўзларига кўра, сканер автомобилнинг айнан қайси қисмида яширин юк борлигини кўрсатади. Шу сабабли инспекторларга бутун автомобилни қисмларга ажратиш талаб этилмайди. Қонунга хилоф товарларни, шунингдек, турли кўринишдаги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни аниқлаш учун тасвирларни турли режимларда таҳлил қилиш мумкин.

Унинг таъкидлашича, замонавий рентген ускуналари инсон омили таъсирини камайтиради, қонунга риоя қилувчи йўловчиларнинг чегарадан ўтишини енгиллаштиради ва чегара хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради.

«Давлатнинг юзи»

«Божхона ҳар қандай давлатнинг юзидир. Мамлакатга кириб келаётган хорижликлар, биринчи навбатда, божхона ходимлари билан мулоқот қилади ва ўзлари ўтаётган ўтказиш пунктини кўради. Шу тариқа уларда Ўзбекистон ҳақидаги илк тасаввур шаклланади», — деди Жамшид Собиров.

Унинг сўзларига кўра, чегарадаги одамлар одатда шошилади: кимдир иш юзасидан кетаётган бўлса, бошқаси манзилига тезроқ етиб олишга интилади. Назоратдан ортиқча кечикишларсиз тез ўтиш фуқаролар учун ҳам, божхона ходимлари учун ҳам қулайдир.

Собиров бундай постда хизмат қилиш божхона ходимлари учун шараф ва бурч эканини таъкидлаб, мамлакатда шундай шароитларга эга постлар сони янада кўпайишига умид билдирди. Шунингдек, яратилган шароитлар учун Президентга миннатдорчилик билдирди.

\

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.