Иқтисод

«Ўзтўқимачиликсаноат» ва BCI барқарор пахтачилик дастурини кенгайтиради

«Ўзтўқимачиликсаноат» ва BCI барқарор пахтачилик дастурини кенгайтиради
«Ўзтўқимачиликсаноат» ва BCI барқарор пахтачилик дастурини кенгайтиради / Фото: «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва Better Cotton Initiative (BCI) Ўзбекистонда барқарор пахта етиштириш дастурини кенгайтириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олди. Бу ҳақда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси хабар берди.

Уюшма раиси Муҳаммаджон Баҳромович Жуманиязов BCI операцион директори Лена Стаафгорд ҳамда ташкилотнинг Ўзбекистондаги мамлакат менежери Е. Горбунова билан учрашув ўтказди.

Томонлар BCI дастурига янги пахта-тўқимачилик кластерларини жалб қилиш ва унда иштирок этувчилар қамровини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Қўшилган қиймати юқори бўлган тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини, жумладан, Европа бозорларига етказиб беришни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар якунида иштирокчилар янги кластерларни танлаш ва жалб қилиш, дастур қамровини кенгайтириш ҳамда уни мамлакатда самарали амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

Better Cotton Initiative дастури экологик, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан барқарор пахта етиштиришни ривожлантиришга қаратилган.

Дастур меҳнат шароитларини яхшилаш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, шунингдек, пахта ва тўқимачилик маҳсулотларининг халқаро бозорлар талабларига мувофиқлигини оширишни назарда тутади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.