Тошкент метросида «Пахтакор»даги эскалатор муддатидан олдин ишга туширилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент метрополитени 5 августдан бошлаб «Алишер Навоий» ва «Пахтакор» станциялари ўртасидаги ўтиш йўлагида жойлашган 3-сонли эскалаторни қайта фойдаланишга топширади.
Корхона матбуот хизмати маълум қилишича, таъмирлаш ишлари режалаштирилган муддатдан олдин якунланган.
Аввалроқ ЭТ-5М туридаги мазкур эскалатор тортиш занжирларини алмаштириш ишлари муносабати билан 21 июлдан 17 августгача таъмирлаш учун ёпилган эди. Ишлар йўловчилар хавфсизлиги ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида амалга оширилди.
Таъмирлаш жараёнида мутахассислар 3-сонли эскалаторнинг тортиш занжирларини тўлиқ алмаштирди. Барча зарур ишлар тугаллангач, объект қайта эксплуатацияга тайёрланди.
Тошкент метрополитенида маълум қилишларича, 5 августдан эскалатор яна йўловчилар ихтиёрига топширилади.
Корхонада йўловчиларга хавфсиз ва сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида зарур ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.