Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов АҚШнинг McKinsey & Company консалтинг компанияси делегацияси билан учрашув ўтказди. Глобал бошқарувчи ҳамкор Боб Стернфельс бошчилигидаги делегация билан музокаралар пойтахт ҳокимлигида бўлиб ўтди.
Томонлар Тошкентни 2030 йилгача ривожлантириш бўйича ягона қарашни шакллантириш, шаҳар бошқаруви тизимини такомиллаштириш ва стратегик ташаббусларни амалга ошириш самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Стратегик қарорларни амалда татбиқ этиш, уларни аниқ лойиҳаларга айлантириш ва эришилган натижаларни баҳолашга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари Пекин, Ар-Риёд, Дубай ва Москва каби йирик мегаполисларни ривожлантириш тажрибасини ҳам кўриб чиқди. Томонлар ушбу шаҳарларда қўлланиладиган айрим бошқарув ёндашувларини Тошкент шароитида татбиқ этиш имкониятларини муҳокама қилди.
Музокаралар якунида мутахассисларни, жумладан, бошқарув кадрларини ўқитиш ва малакасини ошириш соҳасида ҳамкорликни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди. McKinsey & Company экспертлари шаҳар хизматлари ходимларини ўқитиш жараёнида иштирок этиши кўзда тутилмоқда.
McKinsey & Company — 1926 йилда АҚШда ташкил этилган стратегик ва бошқарув консалтинги соҳасидаги халқаро компания.
Компания давлат идоралари, корпорациялар ва молия институтларига узоқ муддатли режалаштириш, бошқарувни такомиллаштириш, рақамли трансформация ва операцион самарадорликни ошириш масалалари бўйича консалтинг хизматларини кўрсатади.