Тошкент фонд биржаси Гонконг билан капитал бозори интеграциясини муҳокама қилди
Тошкент фонд биржаси Гонконг билан капитал бозори интеграциясини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Тошкент» Республика фонд биржасида Гонконг махсус маъмурий ҳудуди Молиявий хизматлар ва ғазначилик ишлари бўйича вазири Кристофер Хуэй бошчилигидаги расмий делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон капитал бозорини ривожлантиришда Гонконг молиявий институтларининг иштироки, икки фонд биржа инфратузилмалари ўртасида интеграция имкониятлари ҳамда халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон компанияларининг халқаро капитал бозорларига киришига алоҳида эътибор қаратилди. Гонконг фонд биржаси орқали дастлабки оммавий таклифлар (ИПО) ва икки томонлама рўйхатга олиш имкониятлари ўрганилди.
Молиявий воситаларни ривожлантириш соҳалари, жумладан, облигациялар бозорлари, ЭТФлар, токенлаштирилган активлар ва деривативлар ҳам муҳокама қилинди. Томонлар шунингдек, Гонконг молиявий маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига рўйхатга олиш масаласига ҳам тўхталдилар.
Учрашувда таъкидланганидек, замонавий капитал бозорини шакллантиришда инвесторлар эҳтиёжлари ва бозор талабларига мос молиявий инструментларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Гонконг томони ўзбек эмитентларининг халқаро капитал бозорларига чиқишини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, икки биржа ўртасидаги амалий ҳамкорликни босқичма-босқич йўлга қўйиш бўйича қатор ташаббуслар кўриб чиқилди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон капитал бозорининг халқаро интеграциясини кенгайтириш, инвестицион жозибадорликни ошириш ва глобал молиявий майдондаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.