Тошкент давлат аграр университети фаолияти такомиллаштирилади

Тошкент давлат аграр университети фаолияти такомиллаштирилади

Тошкент давлат аграр университети фаолияти такомиллаштирилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Тошкент давлат аграр университети фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2030 йилга қадар Тошкент давлат аграр университетини (Университет) ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

Университетнинг халқаро нуфузини ошириш ҳамда халқаро рейтинг ташкилотларининг топ-500 талик олий таълим ташкилотлари рўйхатига киритишга эришиш;

илмий ишланмаларни тижоратлаштиришдан олинадиган маблағлар ҳажмини 3 бараварга ошириш;

халқаро аккредитациядан ўтган таълим дастурлари сонини 4 бараварга ошириш.

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб: аграр олий таълим муассасаларида белгиланган рўйхатда келтирилган таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш тизими 3 йиллик таълим дастурлари асосида йўлга қўйилади. Бунда ўқув жараёнларида назарий ва амалий машғулотлар улуши:

1-курсда – 60 фоиз назарий ва 40 фоиз амалий;

2-курсда – 50 фоиз назарий ва 50 фоиз амалий;

3-курсда – 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий бўлиши назарда тутилади;

талабаларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида кадрлар тайёрлаш йўналишлари ва соҳаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, Университетнинг юқори курсларида ўқиш назарий таълимдан ажралган ҳолда 4 ой муддатга узлуксиз дуал таълим (талабалар амалиёти) асосида ташкил этилади.

2026/2027 ўқув йилидан: Университет томонидан белгиланадиган мос таълим йўналишларининг ўқув дастурларини қайта кўриб чиққан ҳолда:

1-курс битирувчиларига “А”, “В”, “С” ва “D” тоифаларидаги қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи тракторчи-машинист гувоҳномаси;

2-курс битирувчиларига (“А”, “В”, “С” ва “D” тоифасидаги тракторчи-машинист гувоҳномаси мавжуд) “Е” ва “F” тоифаларидаги қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи тракторчи-машинист гувоҳномаси белгиланган тартибда берилади.

Университет ҳузурида Янги агрономларни тайёрлаш жамғармаси (Жамғарма) ташкил этилади.

Ёшлар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган занжирни молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон ёш фермерлар кенгаши томонидан “Ёш фермерлар савдо мактаби” лойиҳаси амалга оширилади.

Университет талабаларини аграр соҳада амалий билимларга эга бўлган мутахассис сифатида тайёрлаш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб “келажак фермерлари” ташаббуси жорий этилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг