Танзила Нарбаева парламент аъзолари билан учрашувлар ўтказди
Танзила Нарбаева парламент аъзолари билан учрашувлар ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Истанбул шаҳрида Озарбайжон ва Беларусь парламентлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Озарбайжон Миллий Межлиси Раиси Саҳиба Гафарова билан бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида парламентлараро муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан иккинчи Ўзбекистон – Озарбайжон парламентлараро форумини ташкил этиш ҳамда қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Республика Кенгашининг Халқаро ишлар ва миллий хавфсизлик бўйича доимий комиссияси раиси Сергей Алейник билан учрашув давомида икки мамлакат парламентлараро ҳамкорлигининг устувор йўналишлари кўриб чиқилди. Жумладан, навбатдаги Ўзбекистон – Беларусь парламентлараро форумини, парламент раҳбарлари учрашувларини, Ёш парламент аъзолари форумини ташкил этиш ҳамда ҳудудий вакиллик органлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувлар давомида парламентлараро форумлар ва парламент комиссиялари икки томонлама муносабатларнинг амалий ва самарали механизмлари сифатида алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди.