Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

Солиқ қўмитаси банклар билан маълумот алмашинувини кенгайтирмоқчи

UzDaily таҳририяти · 24.06.2026 · 11:15 · 22 views
Солиқ қўмитаси банклар билан маълумот алмашинувини кенгайтирмоқчи

Солиқ қўмитаси банклар билан маълумот алмашинувини кенгайтирмоқчи

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Солиқ қўмитаси банклар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳисобварақлари, омонатлари ҳамда айрим молиявий операциялари ҳақидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиш тартибини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, банкларга жисмоний ва юридик шахслар номига ҳисобварақлар очилгани ҳақида солиқ органларини электрон шаклда хабардор қилиш, шунингдек солиқ назорати доирасида юборилган сўровлар асосида тегишли маълумотларни тақдим этиш таклиф этилмоқда.

Лойиҳада жисмоний шахсларнинг банк карталарига тушган маблағлар ҳақида маълумот бериш тартиби ҳам назарда тутилган. Унга мувофиқ, яқин қариндошлардан ташқари бошқа жисмоний шахслар ва электрон ҳамёнлардан бир календар ой давомида келиб тушган пул ўтказмалари умумий ҳажми 500 та базавий ҳисоблаш миқдорига тенг ёки ундан юқори бўлган ҳолатларда бу ҳақдаги маълумотлар солиқ органларига тақдим этилади. Айни пайтда мазкур чегара 206 миллион сўмни ташкил этади. 2026 йил 1 сентябрдан базавий ҳисоблаш миқдори оширилиши натижасида ушбу кўрсаткич 220 миллион сўмга етади.

Бундан ташқари, жисмоний шахслар томонидан хорижий юридик шахслар фойдасига амалга оширилган пул ўтказмалари ҳақидаги маълумотларни ҳам солиқ органларига тақдим этиш таклиф қилинмоқда. Шу билан бирга, лойиҳада бундай маълумотлар шахсий маълумотлар кўрсатилмаган ҳолда узатилиши қайд этилган.

Қарор қабул қилинган тақдирда, Солиқ қўмитаси ва Марказий банк икки ой ичида «Банк — солиқ» модулини яратиш бўйича технологик йўриқномани тасдиқлаши лозим бўлади. Кейинги тўрт ой давомида эса банклар ва солиқ органларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш режалаштирилган.

Ҳужжатнинг жамоатчилик муҳокамаси 8 июлга қадар давом этади. Муҳокама якунлангунга қадар лойиҳадаги барча қоидалар таклиф мақомида қолади ва келиб тушган таклиф ҳамда мулоҳазалар асосида ўзгартирилиши мумкин. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси тизимига жойлаштирилган пайтда унга 17 та изоҳ қолдирилган бўлиб, уларнинг барчаси танқидий мазмунда бўлган.

UzDaily таҳририяти · 👁 22 views · 24.06.2026 · 11:15