Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сирдарё вилоятининг Баяут инновацион тумани ҳамда Жанубий Кореянинг KECC Holding Group ва Geotech Engineering-Design Group компаниялари InnoWeek–2026 халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида ўзаро англашув меморандумини имзолади.
Ҳужжат ҳудудда чиқиндиларни қайта ишлаш, муқобил энергия ишлаб чиқариш ва замонавий экологик технологияларни жорий этиш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.
Томонлар қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимини яратиш, шунингдек, чиқинди полигонларида ҳосил бўладиган газни йиғиб, ундан электр энергияси ишлаб чиқаришда фойдаланиш имкониятларини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши суғориш каналларининг энергетик салоҳиятидан фойдаланган ҳолда кичик гидроэлектр станцияларини қуришдан иборат бўлади.
Бундан ташқари, иштирокчилар режалаштирилаётган лойиҳалар учун техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқишга келишиб олди.
Инвестициялар ҳажми, ташаббусларни амалга ошириш муддатлари ва энергетика объектларининг режалаштирилаётган қуввати ҳақида маълумот берилмаган.