Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Франция Франция компанияларининг Янги Тошкентни ривожлантиришдаги иштироки истиқболларини, жумладан, трамвай йўлини қуриш, коммунал инфратузилмани модернизация қилиш ва қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар 28 октябрь куни Янги Тошкентда бўлиб ўтди. Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев Франция Европа ва ташқи ишлар вазирининг барқарор шаҳарлар ва транспорт масалалари бўйича махсус вакили Жерар Вольф ҳамда Франция ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқалар кенгайиб бораётгани таъкидланди. Сўнгги беш йилда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми тўрт баробар ошди. 2025 йилда эса Франция Европа Иттифоқи давлатлари орасида Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорига айланди.
Томонлар савдо алоқаларини кенгайтириш ва компаниялар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказишни кейинги мақсад сифатида белгилади.
Музокаралар иштирокчилари асосий эътиборни шаҳар муҳитини яхшилашга қаратилган лойиҳаларга қаратди. Хусусан, Янги Тошкент билан трамвай қатновини йўлга қўйиш, сувни тозалаш иншоотларини барпо этиш, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш, қайта тикланувчи энергетика ва туризмни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Франциянинг Alstom, SUEZ, Veolia, EDF ва MND компаниялари билан мавжуд ҳамкорлик, шунингдек, Франция тараққиёт агентлиги (AFD) билан ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Янги Тошкентни ривожлантириш барқарор шаҳарсозлик соҳасида Франция технологиялари ва тажрибасидан фойдаланиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Ўзбекистон пойтахтнинг замонавий транспорт ва коммунал инфратузилмасини барпо этишда Франция ҳамкорларининг иштирокидан манфаатдор.
: