Иқтисод

АҚШ билан 12 млрд долларлик келишувлар Ўзбекистонга нима беради?

АҚШ билан 12 млрд долларлик келишувлар Ўзбекистонга нима беради?
АҚШ билан 12 млрд долларлик келишувлар Ўзбекистонга нима беради? / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Америка компаниялари билан умумий қиймати 12 миллиард долларлик келишувлари банк хизматлари, тўлов тизимлари, фонд бозори, сунъий йўлдош алоқаси, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини қамраб олади. Бу ҳақда O‘zbekiston 24 телеканали хабар берди.

Американинг Column Bank банки билан тузилган келишувга мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари АҚШ банкларида ҳисобварақлар очиш имкониятига эга бўлади.

Visa компанияси билан келишув миллий тўлов свичини яратиш ва уни VisaNet глобал тармоғига улашни назарда тутади.

Mastercard сунъий интеллект асосидаги рақамли ҳамёнлар ва молиявий хизматларни ривожлантириш билан шуғулланади. Кутилишича, бу телефон орқали тўловларни амалга оширишни янада қулай ва хавфсиз қилади.

Nasdaq компанияси билан «Тошкент» Республика фонд биржасини модернизация қилиш ҳамда йирик давлат корхоналарини IPO жараёнига тайёрлаш бўйича келишувга эришилди. Бу келгусида фуқароларга йирик компанияларнинг акцияларини сотиб олиш ва уларнинг даромадидан улуш олиш имконини бериши мумкин.

Amazon LEO компанияси мамлакат бўйлаб паст Ер орбитасидаги сунъий йўлдошлар орқали юқори тезликдаги интернет хизматини тақдим этишни режалаштирмоқда. Viasat компанияси эса «Ўзбекистон ҳаво йўллари» томонидан харид қилинаётган янги самолётларга юқори тезликдаги Wi-Fi ўрнатиш имкониятларини ўрганади.

Келишувларнинг бир нечтаси соғлиқни сақлаш соҳасига тааллуқли. АҚШнинг Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) Фарғонада замонавий кўп тармоқли шифохона қурилишини молиялаштиради. Accuray компанияси Самарқандда онкология ва нур терапияси соҳасидаги энг янги технологияларни жорий этади.

Хабар муаллифларининг баҳолашича, бу оғир ташхис қўйилган беморларнинг даволаниш учун пойтахтга ёки хорижга бориш заруратини камайтиради. GE HealthCare компанияси ҳудудлардаги кардиология ва неврология марказларини юқори технологик ускуналар билан жиҳозлайди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида Valmont Industries компанияси ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, 6th Grain компанияси билан ҳамкорликда пахта ва дон экинлари ҳосилдорлигини сунъий йўлдошлар ёрдамида прогноз қилиш тизими жорий этилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.