Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми 179,7 триллион сўмга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,3 фоизга кўп. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Кўрсатилган хизматлар ҳажми бўйича Тошкент шаҳри етакчилик қилди. Пойтахтда ушбу кўрсаткич 32,6 триллион сўмни ташкил этди. Иккинчи ўринни 21,6 триллион сўм билан Самарқанд вилояти, учинчи ўринни эса 17,8 триллион сўм билан Наманган вилояти эгаллади.
Ҳисобот даврида хизматлар ҳажмининг энг юқори ўсиш суръати Самарқанд вилоятида қайд этилди. Бу ерда кўрсаткич 14,9 фоизга ошди.
2026 йил якунига қадар мамлакатда яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажмини 220 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. Йилнинг дастлабки тўққиз ойида йиллик мақсадли кўрсаткичнинг 81,7 фоизи бажарилди.