Швеция ЖЧ-2026ни Тунис устидан йирик ғалаба билан бошлади
Швеция ЖЧ-2026ни Тунис устидан йирик ғалаба билан бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Швеция терма жамоаси футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг биринчи турида Тунис жамоаси устидан ишончли ғалабага эришди. Мексикада бўлиб ўтган учрашув 5:1 ҳисобида якунланди.
Учрашувнинг асосий қаҳрамони Ясин Аяри бўлди. У 7-дақиқада ва иккинчи бўлимга қўшиб берилган вақтда гол уриб, дубль муаллифига айланди. Шунингдек, Швеция терма жамоаси сафида Александер Исак, Виктор Дьёкереш ва Маттиас Сванберг ҳам биттадан гол киритди. Туниснинг ягона голига Омар Рекик муаллифлик қилди.
Ушбу ғалаба туфайли Швеция терма жамоаси F гуруҳида пешқадамга айланди. Бунга квартетнинг бошқа ўйинида Нидерландия ва Япония терма жамоалари 2:2 ҳисобида дуранг ўйнагани ҳам сабаб бўлди.
Гуруҳ босқичининг иккинчи турида Швеция терма жамоаси Нидерландияга қарши майдонга тушади. Тунис эса Япония билан куч синашади. Учрашувлар мос равишда 20 ва 21 июнь кунларига белгиланган.
Жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилмоқда ҳамда тарихда илк бор 48 та миллий терма жамоа иштирокида ташкил этилмоқда. Жамоалар 12 гуруҳга бўлинган. Плей-офф босқичига ҳар бир гуруҳдан энг яхши икки жамоа ҳамда учинчи ўринни эгаллаган саккизта энг яхши терма жамоа йўлланма олади. Амалдаги чемпион мақоми Аргентина терма жамоасига тегишли.