Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

ШҲТнинг Гиёҳвандликка қарши кураш марказини ташкил этиш тўғрисидаги қонун депутатлар томонидан маъқулланди

UzDaily таҳририяти · 07.07.2026 · 13:35 · 25 views
ШҲТнинг Гиёҳвандликка қарши кураш марказини ташкил этиш тўғрисидаги қонун депутатлар томонидан маъқулланди

ШҲТнинг Гиёҳвандликка қарши кураш марказини ташкил этиш тўғрисидаги қонун депутатлар томонидан маъқулланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази тўғрисидаги Битимни (Тянсзин, 2025 йил 1 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда миллат генофондини гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш, гиёҳвандлик воситалари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласининг олдини олиш, жавобгарликни кучайтириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи глобал муаммо бўлиб, мамлакатларнинг хавфсизлигига таҳдид солмоқда.

Ушбу ҳолатлар ШҲТ ҳудудидаги мамлакатларда гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича биргаликда чора-тадбирларни амалга оширилишини тақозо қилмоқда. Бунда ахборот алмашиш, чегараларни мустаҳкамлаш, ягона қонунчилик чораларини ишлаб чиқиш ва минтақа давлатлари ўртасида мувофиқлаштиришга эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади. Мазкур битим билан ШҲТга аъзо давлатлар томонидан Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази ташкил қилинмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ушбу марказ орқали ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкамлашга, ҳамкорлик доирасида гиёҳвандликка қарши курашиш соҳасида қўшма тезкор-профилактик тадбирларни режалаштириш ва мувофиқлаштиришга, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда давлатлар ўртасида тезкор ва ишончли маълумотлар алмашинувини таъминлаш бўйича самарали механизмларни жорий этишга, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши самарали курашишга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.