ШҲТга аъзо давлатлар транспорт вазирларининг 13-йиғилиши бўлиб ўтди

ШҲТга аъзо давлатлар транспорт вазирларининг 13-йиғилиши бўлиб ўтди

ШҲТга аъзо давлатлар транспорт вазирларининг 13-йиғилиши бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бишкек шаҳрида Қирғизистон томонининг раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар транспорт вазирларининг ўн учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, жумладан, соҳада замонавий рақамли ечимларни жорий этиш, барқарор ва самарали транспорт йўлакларни ривожлантириш, шунингдек, идоралараро мувофиқлаштиришни чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Махкамов бугунги кунда глобал логистика тизими чуқур трансформация босқичида эканини, анъанавий маршрутлар қайта кўриб чиқилаётганини ва Марказий Осиё минтақасининг аҳамияти тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон мамлакатни Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи самарали қуруқлик кўпригига айлантириш бўйича узоқ муддатли стратегияни амалга ошираётганини қайд этди.

Вазир ШҲТ доирасида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, логистика занжирларини такомиллаштириш ва рақамлаштириш бўйича қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини билдирди. Айниқса, халқаро мультимодал юк ташишларни бошқаришга қаратилган ягона рақамли платформа яратиш ташаббусининг стратегик аҳамиятини алоҳида қайд этди.

Шунингдек, И. Махкамов ўз нутқида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳасига алоҳида тўхталиб, уни нафақат уч давлат учун, балки бутун ШҲТ маконида транспорт тармоғини ривожлантирувчи муҳим артерия сифатида баҳолади. Ушбу магистраль Шарқий Осиёдан Европа ва Форс кўрфази мамлакатларигача бўлган йўналишларни сезиларли даражада қисқартириш имконини бериши таъкидланди.

Рақамлаштириш соҳасида эса вазир “E-Permit” тизими жорий этилиши, электрон ҳужжат айланмаси ва ягона рақамли макон яратиш ташаббуслари транспорт жараёнларини тезлаштириш, чегаралардаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда бизнес харажатларини камайтиришга хизмат қилишини қайд этди.

Учрашув иштирокчилари транспорт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, самарали ва барқарор транспорт коридорларини ривожлантириш ҳамда замонавий рақамли ечимларни кенг жорий этиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Йиғилиш якунида мажлис баённомаси, ШҲТга аъзо давлатларнинг транспорт идоралари ўртасида халқаро автомобиль ташувларига рухсатномаларни рақамлаштириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми (манфаатдор томонлар шаклида) имзоланди, шунингдек, янги ихтисослаштирилган механизм – Транспорт соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус ишчи гуруҳини тузиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг