Сенати Раиси БМТ Бош котибининг махсус вакили билан учрашди
Сенати Раиси БМТ Бош котибининг махсус вакили билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 13 куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Бухоро шаҳрида БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотининг навбатдаги мажлиси доирасида амалга оширилаётган ҳамкорлик, хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек, минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар қисқа вақт ичида мазкур мулоқот платформаси Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида хотин-қизлар етакчилигини қўллаб-қувватлаш ва долзарб минтақавий ташаббусларни илгари суришга хизмат қилаётган самарали мулоқот майдонига айланганини алоҳида таъкидладилар.
Суҳбат давомида Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотига раислик Ўзбекистон томонига ўтгани мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йилги келишувлар асосида Сенат томонидан мулоқотнинг йиллик дастури ишлаб чиқилгани, шунингдек, раислик муддатини икки йилга узайтириш ҳамда доимий котибият фаолиятини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда 2026 йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ёш парламент аъзоларининг 12-глобал конференциясига тайёргарлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.
БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий марказининг мазкур нуфузли тадбирда иштироки, шунингдек, “Ёшларнинг превентив дипломатиядаги ўрни” мавзусида сайд-ивент ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, аёллар ва ёшларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, ушбу йўналишда қўшма семинарлар ташкил этиш ва илғор тажриба алмашиш бўйича тизимли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.