Сенат Раиси Истанбулда хорижий давлатлар парламентлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди
Сенат Раиси Истанбулда хорижий давлатлар парламентлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Туркиянинг Истанбул шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 152-ассамблеяси доирасида хорижий давлатлар парламентлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Жумладан, Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси Марлен Маматалиев билан мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик изчил ривожланаётгани таъкидланди. Ўзаро ташрифлар ва халқаро майдонлардаги мулоқотлар ушбу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаётгани қайд этилди. Ҳудудларда ўтказилаётган Парламентлараро ҳамкорлик бўйича комиссия йиғилишлари эса амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Покистон Ислом Республикаси Сенати Раиси Юсуф Ризо Гилоний билан учрашувда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги сиёсий мулоқот юқори даражада экани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил февраль ойида Исломободга ташрифи стратегик шериклик ривожига янги суръат бағишлагани таъкидланди. Томонлар парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар.
Баҳрайн Қироллиги Миллий Мажлиси Маслаҳат кенгаши (Шура кенгаши) Раиси Али бин Солиҳ Ас-Солиҳ билан учрашувда эса икки мамлакат халқлари ўртасидаги тарихий-маданий ва диний алоқалар муштараклиги таъкидланди. Томонлар парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёр эканлигини билдирдилар.
Учрашувлар давомида парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма ташаббусларни илгари суриш ва халқаро мулоқотни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.