Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Сенат ов қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни маъқуллади

UzDaily · 13.06.2026 · 18:25 · 27 views
Сенат ов қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни маъқуллади

Сенат ов қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ов қилиш ва овчилар тайёрлаш тартибини тизимлаштириш, соҳага илғор технологияларни татбиқ этиш, овчилик хўжаликларида биохилма-хилликни кўпайтириш ва  ундан оқилона фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун  ер участкалари ажратиш, ов қилишни фақат белгиланган жойларда амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш, овчиликка тааллуқли ҳужжатларни бериш жараёнларини рақамлаштириш зарурати юзага келмоқда.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Қурол тўғрисида”ги ҳамда “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги Қонунда овчилик гувоҳномаси давлат хизматлари орқали, овчилик йўлланмаси  эса махсус электрон дастур орқали берилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек,  овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлардан ҳамда ўрмон фонди ерларидан 10 гектаргача ер  овчилик базалари учун ҳамда 100 гектаргача ер питомниклар барпо этиш учун инвестициявий ҳамда шартномавий мажбуриятлар белгиланган ҳолда электрон онлайн-аукцион орқали ижарага   берилиши назарда тутилмоқда.

Энг муҳими, агар 2 йил муддат ичида ёввойи ҳайвонларни етиштириш ва такрор кўпайтириш бўйича питомниклар инфратузилмаси ёки такрор кўпайтириш участкаси ташкил этилмаса, ижара шартномаси бекор қилиниши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, овчилик гувоҳномалари ва йўлланмаларини беришга, ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни белгилаш ҳамда тақсимлашнинг илмий асосланган тартибини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Қонун ов қилишни фақат овчилик хўжаликларига бириктирилган жойларда, шунингдек эркин ов қилиш жойларида амалга оширишни белгилашга, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда ҳамда ўрмон фонди ерларида овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижара ҳуқуқи асосида ажратишни тартибга солиш қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Муҳокама жараёнида таъкидланганидек, Қонуннинг қабул қилиниши овчилик соҳасида ягона ва шаффоф ҳуқуқий механизмларни яратишга, соҳада назоратни кучайтиришга, ёввойи ҳайвонлар ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга ҳамда овчилик хўжаликларини ривожлантиришга хизмат қилади.

 Сенаторлар Қонунни маъқуллади.

UzDaily · 👁 27 views · 13.06.2026 · 18:25