Самарқанд ҳокимига педагоглар масаласида огоҳлантириш
Самарқанд ҳокимига педагоглар масаласида огоҳлантириш
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Давлат меҳнат инспекцияси Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевга олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилар таркибини кўчаларни ободонлаштириш ишлари ва мониторинг тадбирларига жалб қилиш ташаббуси муносабати билан расмий огоҳлантириш юборди. Мазкур ташаббус ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Инспекция амалдаги қонунчиликка мувофиқ педагог ходимларни касбий вазифаларига дахлдор бўлмаган фаолиятга мажбурий тарзда жалб қилиш тақиқланганини эслатди. Қайд этилишича, бундай ташаббус амалда қўлланилган тақдирда у мажбурий меҳнат сифатида баҳоланиши мумкин.
Ҳоким номига юборилган огоҳлантиришда педагогларни ўз хизмат вазифалари доирасидан ташқари ишларга жалб қилиш қонунчилик талабларига зид экани, бундай қоидабузарликлар учун эса ҳуқуқий жавобгарлик белгилангани таъкидланган.
Меҳнат инспекцияси ҳар қандай ташаббусни амалга оширишда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, шунингдек, педагог ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш зарурлигини алоҳида қайд этди.