Саидов: МДҲ ҳамкорликни кучайтириш қарорларини қабул қилди

Саидов: МДҲ ҳамкорликни кучайтириш қарорларини қабул қилди

Саидов: МДҲ ҳамкорликни кучайтириш қарорларини қабул қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Москва шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташқи ишлар вазирлари кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши якунлари ҳақида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, учрашув давомида қўшма иш фаолияти якунлари сарҳисоб қилинди ва келгуси ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди. Жорий йил октябрь ойида Туркманистонда ўтказилиши режалаштирилган МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар доирасида томонлар кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган 10 та қарорни келишиб олди ва қабул қилди. ТИВ раҳбари таъкидлашича, эришилган келишувлар давлатлар ўртасидаги яқинлашув, барқарорликни таъминлаш ва МДҲ ҳудудида изчил ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия делегациялари иштирокида «Марказий Осиё + Россия» форматида ташқи ишлар вазирларининг алоҳида учрашуви бўлиб ўтди. Унда олтитомонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва уни янада ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Томонлар иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек экологик муаммоларни ҳал этиш чораларини муҳокама қилди. Айниқса, «яшил» энергетика, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига катта эътибор қаратилди.

Иштирокчилар халқаро вазият мураккаблашиб бораётган шароитда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш муҳимлигини ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Тадбирлар якунида кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ва минтақада барқарорликни таъминлаш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Бахтиёр Саидов Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва тадбир ташкилотчиларига учрашувларни юқори даражада ташкил этгани учун миннатдорлик билдириб, эришилган келишувлар мамлакатлар ўртасида стратегик шериклик ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг