Ўзбекистон

Саида Мирзиёева болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтиришни таклиф қилди

Саида Мирзиёева болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтиришни таклиф қилди
Саида Мирзиёева болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтиришни таклиф қилди / Фото: Telegram/SShMirziyoyeva.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Наманган вилоятидаги боғчада беш ёшли қиз билан содир бўлган ҳолатдан сўнг болаларга қарши жинсий жиноятлар учун жавобгарликни максимал даражада кучайтириш бўйича таклифлар тайёрланаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида хабар берди.

Саида Мирзиёеванинг сўзларига кўра, содир бўлган воқеа ҳақида маълумот олганидан сўнг у ғазабланган. У жиноятни даҳшатли деб атаб, бундай қилмишлар учун, унинг фикрича, ўлим жазоси қўлланилиши кераклигини билдирди.

«Амалдаги қонунчиликда бундай жазо назарда тутилмагани сабабли, жавобгарликни максимал даражада кучайтириш мақсадида қонунчиликка ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаяпмиз», — деб ёзди Президент Администрацияси раҳбари.

Саида Мирзиёева тегишли давлат органларига зарур кўрсатмалар берилганини ҳам маълум қилди. У айбдор шахс энг қаттиқ жазога тортилиши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, боланинг хавфсизлигини таъминламаган ва бунга бепарволик билан йўл қўйган шахсларни ҳам жавобгарликка тортиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Аввалроқ «Газета» гумонланувчи 52 ёшли боғча хўжалик мудири эканини хабар қилган. У, шунингдек, қизчанинг оиласига қўшни бўлган. Нашр маълумотига кўра, боланинг онаси воқеадан сўнг қизи боғчага боришдан қўрқиб қолганини айтган.

Онанинг таъкидлашича, муассасада видеокузатув камералари ишламаган. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, гумонланувчининг қариндошлари унга аризасини қайтариб олиши учун пул таклиф қилган.

Нашрдаги маълумотларга кўра, гумонланувчи жиноятга тайёргарлик кўрган ва уни узоқ вақт давомида содир этган бўлиши мумкин. Боғча директори бу даврда таътилда бўлганини билдирган. Тарбиячи эса болаларни ҳеч қачон назоратсиз қолдирмаганини айтган.

Муассаса директорига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари 11 сентябрь куни боғчага келган. Содир бўлган воқеа ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида сентябрнинг 20-саналаридан кейин пайдо бўлган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 26 сентябрь куни ҳолат тафсилотларини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилганини маълум қилди. Шу куни Бош прокуратура жиноят иши қўзғатилганини билдирди, бироқ прокуратура хабарида иш қўзғатилган аниқ сана кўрсатилмади.

Ўзбекистонда болаларга қарши жиноятлар учун жазони кучайтириш масаласи аввал ҳам муҳокама қилинган. Март ойида Президент Шавкат Мирзиёев хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни тасдиқлаган.

Ҳужжатда 14 ёшга тўлмаган шахсни зўрлаганлик учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш бўйича қонун лойиҳасини уч ой ичида тайёрлаш топширилган. Таклиф этилаётган чора вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар учун аввал судланган, улар билан жинсий алоқага киришган ва бузуқ ҳаракатлар содир этган шахсларга нисбатан қўлланилиши керак эди.

Апрель ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хотин-қизлар ва болаларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятларни тергов қилиш ваколатини прокуратура органларига ўтказиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Ўзгартишлар зарурати тергов сифати билан боғлиқ муаммолар, далилларнинг йўқолиши ва ички ишлар органлари терговчиларига тушаётган юқори иш юкламаси билан изоҳланган.

Шу билан бирга, ҳудудларни кўздан кечириш бўйича қарийб 1000 та тадбир юридик маълумоти бўлмаган ходимлар томонидан ўтказилгани хабар қилинган. Ҳужжат лойиҳаси эса жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган.

Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко қабул қилинган қонундаги бўшлиқларга эътибор қаратган. Унинг фикрича, болаларга қарши айрим турдаги жиноятлар прокуратура юрисдикциясидан ташқарида қолиши мумкин.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.