Спорт

Саъдулла Равшанов дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медаль олди

Саъдулла Равшанов дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медаль олди
Саъдулла Равшанов дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медаль олди / Фото: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоаси дзюдочиси Саъдулла Равшанов ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 81 кг вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар берди.

Финалга қадар бўлган йўлда Равшанов Япония, Бразилия, Грузия ва Хитой вакиллари устидан ғалаба қозонди. Ярим финал баҳсида эса ўзбекистонлик спортчи Франция вакилидан устун келди.

Ҳал қилувчи беллашувда Равшанов россиялик Ярослав Бунаковга қарши татамига чиқди. Ушбу баҳсда мағлуб бўлган ўзбекистонлик дзюдочи мусобақани иккинчи ўринда якунлади. Қайд этиш жоизки, Равшанов ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпиони ҳисобланади.

Мусобақалар Олимпия шаҳарчасида бўлиб ўтмоқда. Равшановнинг натижасидан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида турнирнинг иккита медали — битта олтин ва битта кумуш медаль мавжуд.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.