Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Теннис соҳасидаги халқаро мутахассис Майк Баррелл ва Ўзбекистон теннис федерацияси ушбу спорт турини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Ҳужжат имзоланишидан олдин Майк Баррелл федерация раиси Ботир Раҳимов билан учрашди. Томонлар болалар ва ўсмирлар теннисини ривожлантириш, ёш теннисчиларни тайёрлаш ҳамда мураббийларнинг малакасини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда халқаро тажриба алмашиш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш ва уларни амалга ошириш бўйича дастлабки қадамларга алоҳида эътибор қаратилди.
Меморандумнинг имзоланиши томонларнинг теннис соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ниятини расман мустаҳкамлади.