Молия

Россия Ўзбекистонга 1 млн рублдан ортиқ нақд пул олиб чиқишни чеклади

Россия Ўзбекистонга 1 млн рублдан ортиқ нақд пул олиб чиқишни чеклади
Россия Ўзбекистонга 1 млн рублдан ортиқ нақд пул олиб чиқишни чеклади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россия Президенти Владимир Путин Россиядан ЕОИИ давлатлари, Озарбайжон, Тожикистон ва Ўзбекистонга 1 млн рублдан ортиқ миқдорда нақд рубль олиб чиқишни чекловчи фармонни имзолади.

Россия ҳукумати рўйхатини белгилайдиган аэропортлар орқали пул маблағларини олиб чиқиш учун истисно назарда тутилган. Бунда жисмоний шахсдан нақд пулни ўз ҳисобварағидан ечиб олганини тасдиқловчи банк кўчирмаси талаб қилинади.

Белгиланган чеклов бузилган тақдирда, нақд пул маблағлари олиб қўйилади. Жисмоний шахслардан 1 млн рублдан ошган сумма мусодара қилинади, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан эса бутун сумма олиб қўйилиши назарда тутилган.

Аввал жисмоний шахслар учун нақд пулни олиб чиқиш бўйича 100 минг долларга эквивалент миқдорда чеклов амал қилган. Бунда аввалги чекловлар Озарбайжон, Тожикистон ва Ўзбекистонга нисбатан татбиқ этилмаган.

Янги қоидалар, жумладан, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги пул маблағлари билан боғлиқ операцияларга таъсир қилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.