Молия

Ўзбекистон корпоратив стартаплар индексида 50-ўринни эгаллади

Ўзбекистон корпоратив стартаплар индексида 50-ўринни эгаллади
Ўзбекистон корпоратив стартаплар индексида 50-ўринни эгаллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон корпоратив стартаплар фаоллиги индексида 77 та давлат орасида 50-ўринни эгаллаб, Марказий Евроосиёда биринчи бўлди. Бу ҳақда халқаро StartupBlink платформаси хабар берди.

Рейтинг «Corporate Startup Activity Index 2026» ҳисоботига киритилган. Марказий Евроосиё минтақасидан кучли 50 таликка фақат Ўзбекистон кирди.

Осиёнинг энг яхши ўнта давлати рейтингида республика тўққизинчи ўринни эгаллади. Ушбу ўнталикдан Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари жой олмаган.

Тошкент 286 та шаҳар орасида 90-ўринни эгаллади. Минтақанинг бошқа бирорта шаҳри кучли 100 таликка кира олмади.

Индекс йирик компаниялар стартапларга қанчалик фаол инвестиция киритаётгани, акселерация дастурларини амалга ошираётгани ва ёш компанияларни сотиб олаётганини кўрсатади. Жорий йилда рейтингга илк бор давлатлар ва шаҳарлар ҳам киритилди.

Рейтингдан Ўзбекистоннинг учта йирик ташкилоти ҳам ўрин олди. Алоқабанк 213-ўринни, SQB 398-ўринни, Uzcard эса 944-ўринни эгаллади.

Хабарда таъкидланишича, ушбу натижа мамлакатдаги бошқа компанияларга ҳам стартапларга эътибор қаратиш муҳимлигини кўрсатади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.