Қонунчилик палатаси Ички ишлар вазирлигига фото ва видео ёзув тизимларининг ишлаши бўйича мурожаат қилди

Қонунчилик палатаси Ички ишлар вазирлигига фото ва видео ёзув тизимларининг ишлаши бўйича мурожаат қилди

Қонунчилик палатаси Ички ишлар вазирлигига фото ва видео ёзув тизимларининг ишлаши бўйича мурожаат қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда Ички ишлар вазири А. Тошпўлатовга “Автомобиль йўлларидаги фото-видео қайд этиш техника воситаларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги самарадорлиги ҳамда йўл ҳаракати соҳасига ахборот технологияларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, ушбу соҳага оид муносабатларни тартибга солувчи мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Хусусан, “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонун ҳамда Президентимизнинг бир қатор қарорлари қабул қилинди.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг масъулиятини ошириш ва назорат тизимини самарали ташкил этиш мақсадида автомобиль йўлларига замонавий камералар ва радарлар ўрнатилмоқда. Улар йўл ҳаракати иштирокчиларининг қоидаларга риоя этишини назорат қилишда самарали восита ҳисобланиб, ҳайдовчиларнинг масъулиятини оширишга, қоидабузарликлар ва йўл-транспорт ҳодисалари сони камайишига ҳамда соҳада коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларида фуқаролар билан ўтказилган мулоқотлари ва учрашувлари давомида транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан содир этилган қоидабузарликларни аниқловчи фото-видео қайд этиш техника воситаларининг ёки кўчма фоторадарларнинг фаолияти борасида айрим эътирозлар билдирилмоқда.

Хусусан, рухсат этилган тезлик кўрсаткичлари кескин ўзгарадиган қисмларда йўл белгилари етарли даражада кўринадиган нуқталарга ўрнатилмагани, фото-видео қайд этиш тизимида маълумотларни қайта ишлаш чоғида жарималарни ҳисоблашда техник хатоларга йўл қўйилиши натижасида асоссиз равишда маъмурий жазо чоралари қўлланилиши, айрим йўлларнинг сифати талаб даражасида эмаслиги, йўл чизиқларининг кўринмаслиги ёки нотўғри белгилангани ўз навбатида, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига олиб келаётгани ва пиёдалар йўлакларида светофорлар етишмаётгани фуқароларнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқармоқда.

Шунингдек, Президентимиз раислигида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмасини яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, жумладан, автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ҳамда йўл инфратузилмасини такомиллаштириш юзасидан бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури”нинг ижроси, йўл инфратузилмасини ривожлантириш йўналишидаги лойиҳаларни молиялаштириш, фото-видео қайд этиш техника воситаларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги самарадорлиги ва натижадорлиги таҳлили ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида мавжуд муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш ҳақида Ички ишлар вазирига парламент сўрови юборилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг