Валюта курслари 13/05/2025
$1 – 12895.55
UZS – 0.12%
€1 – 14338.56
UZS – -1.35%
₽1 – 159.38
UZS – 1.72%
Қидириш
Ўзбекистон 25/04/2025 Қизамиқ касаллигининг олдини олиш бўйича чоралар муҳокама қилинди

Қизамиқ касаллигининг олдини олиш бўйича чоралар муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Халқаро иммунизация ҳафталиги доирасида “Қизамиқ касаллигининг ошиши сабаблари, олдини олиш чоралари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида сенаторлар, соҳа мутахассислари, халқаро ташкилотлар экспертлари, вазирлик, идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг хабарига кўра 2024 йилда Европа минтақасида қизамиқ билан касалланишга оид 127 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилгани ва ушбу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан икки баробарга кўп экани, бу 1997 йилдан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткичга айлангани қайд этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистонда қизамиққа қарши эмлаш Миллий эмлаш календари асосида амалга оширилади ва 2024 йилда эмланган болалар қамрови 99,3 фоизни ташкил этган. Шунга қарамай, республика ҳудудларининг айримларида қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари қайд этилгани аҳоли ўртасида тарғибот ишларини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Мутахассислар томонидан қизамиқ касаллигининг олдини олишда болаларни вақтида ва тўлиқ эмлаш энг самарали чора экани алоҳида таъкидланди. Жумладан, қизамиқ, қизилча ва тепкига қарши бола биринчи марта 12–15 ойлигида, иккинчи марта болалар боғчасига боришидан олдин, яъни 4–6 ёшда эмланиши лозимлиги таъкидланди. Тарғибот тадбирларида “маҳалла еттилиги” ва бутун жамоатчилик биргаликда иштирок этиши лозимлиги таъкидланди.

Тадбирда иштирок этган соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича халқаро ва маҳаллий экспертлар давлат қизамиқ касаллигига қарши вакцина билан узлуксиз таъминлаётганини, қизамиқ касаллигини даволаш жараёнлари замонавий даволаш протоколлари орқали амалга оширилаётганини эътироф этишди.

Давра суҳбати якунида сенаторлар ва мутахассислар томонидан мамлакатимизда қизамиқнинг тарқалишига барҳам бериш ҳамда Ўзбекистонни қизамиқдан холи ҳудуд сифатида тиклаш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг