Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Покистон Президенти Ўзбекистонга келди

Беҳзод Ҳожиматов · 23.06.2016 · 02:35 · 514 views
Покистон Президенти Ўзбекистонга келди
Покистон Президенти Ўзбекистонга келди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Покистон Президенти Мамнун Ҳусайн 22-июнь куни Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 23-24-июнь кунлари Тошкентда ўтадиган навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун 22-июнь куни Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Бўлиб ўтган қисқа суҳбатдан сўнг Покистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.

Покистон Президенти мамлакатимизга ташрифини қадимий Самарқандни зиёрат қилишдан бошлади. Ташриф доирасида у Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Амир Темур мақбараси зиёрати чоғида меҳмонга Соҳибқирон бобомизнинг давлатчилик тарихи, мамлакатда илм-фан, маданият, ҳунармандликни ривожлантириш борасида амалга оширган ишлари, бунёдкорлик салоҳияти ҳақида маълумот берилди.

Дунёга машҳур Регистон мажмуаси билан танишув ва бу ердаги миллий ҳунармандлик буюмлари намойиши ҳам Покистон Президентида катта таассурот қолдирди. Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасалари халқимизнинг бой маданияти, аждодларимизнинг юксак ақл-заковатидан далолат бериши алоҳида қайд этилди.