Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пискент туманида янги интеллектуал кўчатхоналар мажмуасини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Мажмуа Экология қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга ошираётган «Тошкент вилояти ўрмон ва шаҳар ҳудудларини интеллектуал технологиялар асосида кўкаламзорлаштириш» лойиҳаси доирасида барпо этилди.
Маросимда Ўрмон хўжалиги агентлиги директорининг ўринбосари Ғолибжон Қурбонов, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Вон До Ён, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев, Экология қўмитаси, Ўрмон хўжалиги агентлиги ва Пискент тумани ҳокимлиги вакиллари, KOICA экспертлари, вилоятдаги ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Тадбирни очиб берар экан, Ғолибжон Қурбонов сўнгги йилларда давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатда янги ўрмонзорлар барпо этиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
«Яқинда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида йилига миллионлаб сифатли кўчат етиштириш имкониятига эга замонавий кўчат етиштириш маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Жорий йилда Андижон вилоятида ҳам умумий майдони 5,5 гектар бўлган интеллектуал кўчатхоналар мажмуаси ташкил этилди. Ушбу кўчатхоналар умуммиллий “Яшил макон” лойиҳасини ривожлантиришнинг янги босқичига олиб чиқишга хизмат қилади.
Бугун Тошкент вилоятининг Пискент туманида фойдаланишга топширилаётган интеллектуал кўчатхоналар ушбу эзгу ташаббусларнинг мантиқий давомидир. Ўрмон хўжалиги агентлиги номидан Корея Республикаси ҳукуматига, KOICA агентлигига ва лойиҳани амалга оширишга ҳисса қўшган, замонавий мажмуа барпо этилишига бевосита кўмаклашган барча ҳамкорларга самимий миннатдорлик билдирамиз», — деди Ғолибжон Қурбонов.
Маросим доирасида мажмуа ташкил этилгани муносабати билан ёдгорлик тоши очилди, меҳмонлар унинг ҳудудига дарахт кўчатларини экишди. Шундан сўнг иштирокчилар кўчатхоналар фаолияти ва уларнинг инфратузилмаси билан танишди.
KOICA билан ҳамкорликдаги лойиҳа 2024–2028 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг умумий қиймати 7,7 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Мажмуа кўчат етиштиришга ихтисослашган Тошкент давлат ўрмон хўжалигининг Дўнгқўрғон участкаси ҳудудида қурилган. Бу ерда 14 та интеллектуал иссиқхона фаолият юритади, мажмуанинг умумий майдони эса 7 гектарни ташкил этади.
Иссиқхоналар ички муҳитни мунтазам кузатиб борувчи автоматлаштирилган тизимлар билан жиҳозланган. Улар маҳаллий иқлим шароитига мослашган сифатли кўчат етиштириш учун мақбул шароит яратиш имконини беради.
Интеллектуал технологиялар асосида кўчат етиштириш ўрмон хўжалигини ривожлантириш, кўчатчилик самарадорлигини ошириш ва иқлим ўзгаришига мослашишда муҳим аҳамиятга эга. Лойиҳа доирасида маҳаллий иқлим шароитига мос кўчатларни етиштириш, пайвандлаш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш бўйича ўқув семинарлари ҳам ўтказилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш ўрмон хўжалигидаги мавжуд инфратузилмадан янада самарали фойдаланиш, янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, дарахт ва буталарнинг турли навларини кўпайтириш имкониятларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Мажмуада кўп миқдорда дарахт ва буталар кўчатларини етиштириш, ўрмон хўжаликларини сифатли кўчатлар билан таъминлаш, республика ҳудудларида янги яшил майдонлар барпо этиш, ўрмонларни тиклаш ва янгиларини яратиш, шунингдек, қурғоқчил ҳудудларда чўлланишнинг олдини олиш имконияти яратилади.
Кореялик мутахассисларнинг таъкидлашича, интеллектуал иссиқхоналар бир қатор афзалликларга эга. Уларнинг асосийси — илғор ускуналардан фойдаланиш ҳисобига сувни сезиларли даражада тежашдир.
Кўчатлар тупроқда эмас, балки махсус контейнерларда етиштирилади. Шу боис бир йил давомида ўртача кўчат экишга тайёр ҳолатга келтирилиши мумкин.
Автоматлаштирилган бошқарув қўл меҳнати ҳажмини камайтиради: барча жараёнлар махсус дастурий таъминот ёрдамида амалга оширилади. Бу кўчатларнинг сифатли ривожланишига ёрдам беради. Бундан ташқари, контейнерларда етиштирилган кўчатларни ташиш ва тоғли ҳудудларга экиш анча осон. Бу харажатларни ҳам камайтириш имконини беради.
Маълумот учун, жорий йилнинг тўққиз ойида Ўрмон хўжалиги агентлиги тизимидаги ўрмон хўжаликлари ўрмон хўжалиги ва кўкаламзорлаштириш эҳтиёжлари учун 1 100 тонна дарахт ва бута уруғларини тайёрлади. 1 035 гектар майдонда маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослашган 101,6 миллион туп уруғкўчат ва кўчат етиштирилмоқда ҳамда парваришланмоқда.
Пискентдаги интеллектуал кўчатхонада жорий этилган технологиялар сувдан оқилона фойдаланиш, кўчатларни назорат қилинадиган шароитда етиштириш ва уларнинг сифатини ошириш имконини беради. Келгусида ушбу тажрибани республиканинг бошқа ўрмон хўжаликларида ҳам жорий этиш режалаштирилган.