PhillipCapital Тошкент биржасининг икки томонлама листингини қўллаб-қувватлайди
PhillipCapital Тошкент биржасининг икки томонлама листингини қўллаб-қувватлайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Тошкент» Республика фонд биржасида Сингапурнинг етакчи брокерлик компанияларидан бири — PhillipCapital вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар ўз фаолияти, капитал бозорларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ташаббуслар ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Музокаралар чоғида PhillipCapital вакиллари Сингапур фонд биржаси ва «Тошкент» Республика фонд биржаси ўртасида дуал листинг механизмларини йўлга қўйиш бўйича амалий кўмак кўрсатишга тайёр эканликларини маълум қилдилар. Шунингдек, мазкур йўналишдаги ҳамкорликнинг минтақавий капитал бозорлари интеграцияси, инвестициявий жозибадорликни ошириш ва халқаро инвесторлар учун янги имкониятлар яратишдаги аҳамияти муҳокама қилинди.
PhillipCapital 1975 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Осиё минтақасидаги етакчи молиявий компаниялардан бири ҳисобланади. Компания қимматли қоғозлар, фючерслар, облигациялар, ETF ва бошқа инвестиция маҳсулотлари бўйича кенг кўламли хизматларни тақдим этади. Бош қароргоҳи Сингапурда жойлашган компания дунёнинг 15 та мамлакатдаги молиявий марказларида фаолият юритади ва 1 миллиондан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатади. Компания бошқарувидаги активлар ҳажми 65 миллиард АҚШ долларидан ортиқни ташкил этади.
Учрашув халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий инвесторларни жалб қилиш ҳамда Ўзбекистон капитал бозорининг халқаро молия тизимига интеграциялашувини чуқурлаштиришга хизмат қиладиган муҳим мулоқотлардан бири бўлди.