Пекинда Ўзбекистон туризми ҳақида видеороликлар намойиш этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пекинда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаш доирасида «Solana» савдо-кўнгилочар марказининг катта 3D LED экранида мамлакатнинг туристик салоҳияти ҳақидаги видеороликлар намойиш этила бошланди.
Ташаббус Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси ва Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
Видеоматериаллар Пекин аҳолиси ва меҳмонларини Ўзбекистоннинг маданияти ва анъаналари, тарихий обидалари ҳамда мамлакатнинг замонавий тараққиёти билан таништиради. Ташкилотчилар шу орқали хитойлик сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилишни мақсад қилган.
«Solana» савдо-кўнгилочар маркази 2008 йилдан буён фаолият юритиб келади ва Пекиндаги йирик ҳамда машҳур марказлардан бири ҳисобланади. Хабарда келтирилган маълумотларга кўра, унга ҳар куни 100 мингдан ортиқ хитойлик ва хорижлик меҳмон ташриф буюради.
Видеороликда, шунингдек, Ўзбекистоннинг ўзига хос шаҳарлари, маданий ва туристик диққатга сазовор жойлари, шунингдек, Хитой фуқаролари учун мамлакатда 30 кунгача визасиз бўлиш имконияти ҳақида маълумот берилган.
Beijing Yuanjingjie Media Co., Ltd. директори Ли Шушен Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклади. Унинг сўзларига кўра, намойиш этилган материаллар хитойлик ва хорижлик меҳмонларга Ўзбекистоннинг туристик имкониятлари билан танишиш имконини беради.
«Solana»га ташриф буюрган Ван Минсин видеороликни томоша қилганидан сўнг Ўзбекистонга бориш ва унинг диққатга сазовор жойларини шахсан кўриш истагини билдирган. У, шунингдек, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва миллий таомлар хилма-хиллигини таъкидлаган.
Ван Минсиннинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда 30 кунгача визасиз бўлиш имконияти хитойлик сайёҳлар учун саёҳатларни янада жозибадор қилади. У Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан ҳам табриклаган.
Шунга ўхшаш туристик видеороликлар намойишини Хитойнинг бошқа шаҳарларида ҳам ташкил этиш режалаштирилмоқда.