Пахта ва буғдой етиштирувчилар молиявий қўллаб-қувватланади
Пахта ва буғдой етиштирувчилар молиявий қўллаб-қувватланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Пахта ва буғдой етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2026 йил ҳосилидан бошлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Аграр соҳада тўловлар агентлиги (Агентлик) томонидан қуйидагилар компенсация қилинади. Пахта хомашёсини етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитларни:
шартномада белгиланган муддатда қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоизнинг 2,5 фоизлик пункти;
ҳосил йилининг якунига (31 декабрига) қадар қайтарган хўжаликларга кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 5 фоизлик пункти;
буғдой етиштириш харажатлари учун ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар тўлиқ қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловининг 4 фоизлик пункти;
пахта хомашёсини харид қилиш учун пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда пахта хомашёсини қайта ишлаш ва ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналарига ажратилган тижорат кредитлари бўйича тўланган фоиз тўловининг 8 фоиз пунктидан юқори, лекин 16 фоизпунктдан ошмаган қисми.
Дизель ёқилғисини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қисман қоплаш мақсадида:
2026 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 июлгача қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан биржа орқали харид қилинган ҳар бир тонна дизель ёқилғиси қийматининг 13 млн сўмдан ошган қисми учун, бироқ 2 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдорда республика бюджети ҳисобидан Агентлик орқали субсидия ажратилади.
2026 йил 1 сентябрдан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг хўжаликларга қуйидаги субсидияларни ажратиш ваколати Агентликка ўтказилади:
қишлоқ хўжалиги субъектларига ўз маблағлари ҳамда тижорат банклари кредитлари ҳисобидан етиштирилган пахта хомашёсини биржада сотганда расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактура қийматининг бир қисмини қоплаб бериш;
пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналарига ўз маблағлари ҳисобидан харид қилинган пахта хомашёси қийматининг бир қисмини қоплаб бериш.