Ўзбекистонга хорижда ота-она қарамоғисиз қолган 11 нафар бола қайтарилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўтган ҳафта давомида хорижда ота-она қарамоғисиз қолган 11 нафар вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси мамлакатга қайтарилди. Уларнинг тўққиз нафари Россия Федерациясидан, яна икки нафари Қозоғистондан олиб келинди. Бу ҳақда Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги хабар берди.
Болаларни қайтариш ишлари Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилди.
Ишлар Болалар омбудсмани кўмагида ҳамда тегишли хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда олиб борилди.
Болалар Ўзбекистонга қайтарилганидан сўнг уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш учун зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, ишлар болаларни оилавий муҳитга қайтариш, шунингдек, уларга зарур ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатишга қаратилган.
Қайтарилган вояга етмаганларнинг кейинги ҳолати ва уларнинг оилага мослашуви болалар яшаш жойи бўйича «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ижтимоий ҳамроҳлик асосида назорат қилиб борилади.