Ўзбекистон

Ўзбекистонда йўл чизиқлари бузилишини қайд этиш тартиби ўзгаради

Ўзбекистонда йўл чизиқлари бузилишини қайд этиш тартиби ўзгаради
Ўзбекистонда йўл чизиқлари бузилишини қайд этиш тартиби ўзгаради / Фото: Видеодан кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда чорраҳалар ва қайрилиб олиш жойлари яқинидаги горизонтал йўл чизиқларини босиб ҳаракатланиш билан боғлиқ қоидабузарликларни расмийлаштириш тартиби ўзгаради.

Тегишли қоидалар Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 октябрдаги 596-сон қарорида белгиланган.

Ҳужжатга мувофиқ, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати инспекторлари чорраҳаларгача бўлган 50 метр масофада ва қайрилиб олиш жойларигача бўлган 20 метр масофада 1.1 ва 1.3 йўл чизиқларини босиб ҳаракатланганлик учун маъмурий баённома расмийлаштирмайди.

Шу билан бирга, қарорда хавфсизлик камарларидан фойдаланиш билан боғлиқ қоидабузарликларни автоматик тарзда қайд этиш имконияти ҳам назарда тутилган. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш мажмуалари хавфсизлик камарини тақмаган ҳолда автомобилни бошқариш ва йўловчиларни ташиш ҳолатларини аниқлай олади.

Бунинг учун ускуналар белгиланган техник талабларга жавоб бериши ва маълумотларни «Маъмурий амалиёт» модулига автоматик тарзда узатиш имкониятига эга бўлиши керак.

Ўзгаришлар стационар радарларни белгилаш тартибига ҳам тааллуқли. 5.43 «Радар» йўл белгиси қурилма ишлаш ҳудудининг бевосита ўзида, шунингдек, ундан 250 метрдан 500 метргача олдинги масофада ўрнатилиши лозим.

Ҳайдовчиларга янги қоидаларни инобатга олиш ва йўл ҳаракати қоидалари талабларига риоя этиш тавсия этилади.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.