Иқтисод

Жиззах вилояти саноат ишлаб чиқариши ўсиши бўйича етакчи бўлди

Жиззах вилояти саноат ишлаб чиқариши ўсиши бўйича етакчи бўлди
Жиззах вилояти саноат ишлаб чиқариши ўсиши бўйича етакчи бўлди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон ҳудудлари орасида саноат ишлаб чиқаришининг энг юқори ўсиш суръати Жиззах вилоятида қайд этилди. Вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,1 фоизга ошди.

Кейинги ўринларни Самарқанд (9,5 фоиз), Наманган (9,0 фоиз), Бухоро (8,7 фоиз) ва Сурхондарё (8,6 фоиз) вилоятлари эгаллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Умуман, мамлакат бўйича тўққиз ойда саноат ишлаб чиқариши ҳажми 1 085,7 трлн сўмга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,1 фоизга кўпдир. Етакчи бешта ҳудуднинг барчасидаги ўсиш мамлакат бўйича қайд этилган кўрсаткичдан юқори бўлди. Жиззах вилояти эса умуммиллий кўрсаткичдан 5 фоиз пунктга илгарилади.

Етакчи бешта ҳудуд орасида энг катта саноат ишлаб чиқариши ҳажми Самарқанд вилоятида қайд этилди. Бу ерда 60 218 млрд сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Бухоро вилоятида ушбу кўрсаткич 46 339 млрд сўмни, Наманган вилоятида 40 310 млрд сўмни, Жиззах вилоятида эса 37 972,4 млрд сўмни ташкил этди.

Мазкур бешлик орасида энг кам саноат маҳсулотлари Сурхондарё вилоятида ишлаб чиқарилди — 22 552 млрд сўмлик.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.