Ўзбекистонда хусусий мактаблар сони 551 тага етди
Ўзбекистонда хусусий мактаблар сони 551 тага етди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2025/2026 ўқув йили бошига келиб 551 та нодавлат умумтаълим ташкилоти фаолият юритди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Ўтган ўқув йилига нисбатан хусусий мактаблар сони 96 тага ошган бўлиб, бу 21,1 фоизлик ўсишни ташкил этади.
Нодавлат мактабларнинг энг катта қисми Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, уларнинг сони 145 тани ташкил этади. Кейинги ўринда Фарғона вилояти 121 та таълим муассасаси билан қайд этилган. Самарқанд вилоятида 43 та хусусий мактаб фаолият юритмоқда, Андижон ва Наманган вилоятларида эса 37 тадан, Бухоро вилоятида 32 та мактаб мавжуд.
Қашқадарё вилоятида 31 та нодавлат мактаб фаолият кўрсатмоқда, Тошкент вилоятида 30 та, Хоразм вилоятида 26 та. Сирдарё вилоятида 17 та хусусий мактаб рўйхатдан ўтган, Жиззах вилоятида 12 та, Қорақалпоғистонда 10 та мактаб қайд этилган. Энг кам кўрсаткичлар Навоий ва Сурхондарё вилоятларида кузатилган бўлиб, ҳар бирида 5 тадан мактаб мавжуд.